"Investitsiyalar nega chekka hududlarga yetib bormayapti?"
Ўзбекистонга кириб келаётган инвестициялар ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда, бироқ рақамлар ортида бир жиддий савол туғилади: нега бу маблағларнинг катта қисми фақат пойтахт ва саноат марказларида жамланиб қолган? Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази томонидан ўтказилган Иқтисодий журналистика акселератори иштирокчилари айнан шу парадоксни рақамлар тили билан таҳлил қилишди.
"Ҳар қандай лойиҳа замирида инвестиция ётади. Бизни қизиқтирган масала шунда эдики, инвестициялар ҳажми ортса-да, унинг акси чекка ҳудудларда нега сезилмаяпти? Маълумотларни йиғишда, айниқса эркин иқтисодий зоналар бўйича тарқоқ маълумотларни бирлаштиришда қийинчиликлар бўлди, лекин менторлар кўмагида очиқ манбаларга таяниб вазифани уддаладик.
Иш жараёнида эркин иқтисодий зоналар ҳақида алоҳида ва умумлашган маълумотларни олиш анча қийин бўлди. Шунга қарамай, очиқ манбаларга таяниб, вазифани уддалашга ҳаракат қилдик. Бунда жамоа ва устозларимизнинг ҳиссаси катта бўлди", — дея таъкидлайди иқтисодий йўналишдаги журналист Саид Раҳмон.
Ушбу таҳлилий материал шунчаки статистика эмас, балки ҳудудлардаги иқтисодий тенгсизликни камайтириш бўйича аниқ хулосалар ва халқаро тажрибага асосланган ечимлар мажмуасидир. Эслатиб ўтамиз, Иқтисодий журналистика акселератори иштирокчилари томонидан тайёрланган яна бир қатор таҳлилий материаллар нашр этилиш арафасида.
Глобал иқтисодиётда сармоялар оқимини жалб этиш йўлида зимдан кураш кетади. Сўнгги маълумотларга қараганда, бу кураш майдонида АҚШ, Сингапур ва Хитойнинг қўли баланд келиб, инвестицияларнинг катта қисми ушбу давлатларга йўналтирилмоқда.
Дарҳақиқат, аксарият йирик инвесторлар ўз маблағларини ушбу мамлакатлардаги истиқболли соҳалар ҳисобланган ахборот технологиялари, сунъий интеллект, “яшил” энергетика, рақамли иқтисодиёт лойиҳаларига тикишни маъқул кўришмоқда. Эътиборли томони, кейинги пайтда сармоялар оқимида бирмунча ўзгаришлар кузатилиб, унинг муайян қисми Жануби-Шарқий Осиё давлатлари томон йўналтирила бошланди. Айниқса, Индонезия ва Вьетнамнинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб, киритилаётган чет эл сармоялари йил сайин ортиб боряпти.
Шу ўринда савол туғилиши табиий: дунёга очилган, ҳамкорлар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилаётган Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти қандай?
Америкалик таниқли инвестор, “Rogers Holdings” компанияси асосчиси Жим Рожерснинг фикрича, глобал бозорларда хатарлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда Осиё бозорлари, айниқса, Ўзбекистон истиқболли ҳисобланади. Шу боис у АҚШ ва Россиядаги барча активларини сотиб, инвестицияларини Ўзбекистон фонд бозорига киритди. Шубҳасиз, бу Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар туфайли Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.
Кўплаб хорижий сармоядорлар мамлакатимизни янги “ўсиш нуқтаси” дея эътироф этмоқда. Буни сўнгги йилларда жалб этилаётган инвестициялар ҳажми жадал суръатларда ошаётгани ҳам тасдиқлайди. Расмий маълумотларга қараганда, охирги тўққиз йилда барча иқтисодиёт тармоқларига 130 миллиард долларлик хорижий инвестиция киритилган.
Давлат раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2025 йилда чет эллик ҳамкорлар билан яна 140 миллиард долларлик янги инвестициявий келишувларга эришилгани, 2026 йилнинг ўзида 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинишини маълум қилди. Бу борада қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида тўхталар экан, “Юртимиздаги қулай бизнес муҳити, демографик ўсиш, инсон капиталига берилаётган эътибор – Ўзбекистонни инвесторлар учун энг жозибадор мамлакатлардан бирига айлантирмоқда”, дея алоҳида таъкидлади.
Оқилона инвестиция сиёсати
Ислоҳотларнинг янги даврида оқилона инвестиция сиёсати юритила бошлангач, Ўзбекистоннинг иқтисодий имижи яхшиланди, унга бўлган ишонч ортди. Айни шу жиҳат унинг инвестициявий салоҳияти юксалишида муҳим омил бўляпти.
Мамлакатда инвестиция сиёсатининг ўзига хос хусусияти шундаки, юқори технологияларга асосланган янги йўналишларни ўзлаштириш, бозори аниқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишда самарадорликни оширишга қаратилган лойиҳаларга устувор аҳамият берилмоқда. Натижада жалб қилинаётган маблағлардан унумли фойдаланилиб, улар, асосан, замонавий корхоналар барпо этиш, инфратузилма объектлари бунёд қилиш, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда замонавий шаҳар ва мавзелар қуриш каби аниқ мақсадларга йўналтириляпти. Буларнинг самараси, энг аввало, жаҳон бозорида рақобатбардош бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилаётгани, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасининг тубдан ўзгариб, аҳоли фаровонлиги ва ҳаёт сифати ошиб бораётганида яққол намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига қараганда, 2025 йилда Ўзбекистонда ўзлаштирилган хорижий инвестициялар умумий ҳажми 43,1 млрд. АҚШ долларига етиб, аввалги йилдагига нисбатан 24 фоиз ўсишга эришилди. Инвестицияларнинг салмоқли қисми — 38,2 млрд. доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келди. Бундан ташқари, халқаро молия институтларидан 4,9 млрд. доллар миқдорида молиявий ресурслар жалб этилди.
2025 йилда ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми.
Ушбу ўсиш суръати инвесторлар ишончи ортиб, жаҳоннинг нуфузли халқаро брендлари мамлакат бозорига кириб келаётгани, қолаверса, Ўзбекистоннинг асосий стратегик ҳамкорлари — Хитой, Россия, Туркия, Саудия Арабистони ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар билан савдо-сармоявий ҳамда иқтисодий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани билан изоҳланмоқда. Инвестициялар, саноат ва савдо вазири маслаҳатчиси Абдулла Ҳошимовнинг айтишича, инвестициялар жалб этиш ҳажмида ўсиш суръати кейинги йилларда ҳам сақланиб қолади.
— Янгиланаётган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида инвестициявий жозибадорликни янада ошириш, қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантириш ҳам кўзда тутилган, — дейди у. — Устувор режага кўра, асосий капиталга киритиладиган инвестициялар йиллик ўртача 5-7 фоиз ўсиб, хорижий инвестициялар ҳажми эса ҳар йили ўртача 7 фоиз оширилади. Аҳамиятлиси, бу даврда умумий қиймати 150 млрд. долларлик 400 дан зиёд стратегик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Муҳим индикатор
Мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётида инвестицияларнинг мутаносиб йўналтирилиши алоҳида аҳамиятга эга. Бинобарин, инвестиция оқимларининг ҳудудий тақсимланиши иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим индикаторларидан бири ҳисобланади. Чунки сармоялар номутаносиб йўналтирилса, айрим ҳудудлар жадал ривожлангани ҳолда, бошқалари ижтимоий-иқтисодий тараққиётда ортда қолиши оқибатида кескин тафовутларни юзага келтиради. Масалага ана шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, афсуски, Ўзбекистон ҳам капитал бошқарувида шундай ҳолат кузатилаётганига гувоҳ бўламиз.
Гап шундаки, мамлакатга кириб келаётган хорижий инвестицияларнинг сезиларли улуши Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, шунингдек, Самарқанд, Навоий ҳамда Бухоро вилоятларида жамланиб қолаётгани кузатилмоқда. Сирдарё, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида эса инвестиция оқимларидан нисбатан кам улуш оляпти. Бундай шароитда ҳудудлараро ривожланиш тафовутлари чуқурлашиб, инфратузилма, бандлик, ишлаб чиқариш салоҳияти ва хизматлар сифати каби йўналишларда номутаносибликлар пайдо бўлиши эҳтимоли ортади.
Келинг, шу ўринда аниқ рақамларга тўхталамиз. Ҳудудлар кесимидаги таҳлиллар 2020-2024 йилларда асосий капиталга киритилган инвестициялар сезиларли даражада “марказлашган”лигини кўрсатмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрининг улуши 20,9 фоиз, Тошкент вилоятининг улуши эса 13,1 фоизни ташкил этиб, пойтахт ва унга туташ ҳудуднинг биргаликдаги ҳиссаси 34 фоизга тенг бўлди. Бунинг оқибатида қолган 12 та ҳудудга сармоя оқими нисбатан пастлигича қолган.
Айтиш жоизки, бозор ҳажми, транспорт-логистика тизими, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, малакали кадрлар ҳамда бошқарув ва хизмат кўрсатиш марказларининг бир маконда жамланиши капиталнинг маълум ҳудудларда концентрацияланишига олиб келади. Натижада “ўзини-ўзи кучайтирувчи тортишиш” механизми юзага келади. Яъни инвесторлар рисклар ва транзакция харажатлари паст бўлган ҳудудни афзал кўргани сари янги лойиҳалар ҳам кўпроқ айнан шу маконда жамланади ва ҳудудий тафовутлар ўсиб бораверади.
Бундан ташқари, йирик лойиҳаларнинг муҳим қисми кўчмас мулк ва инфратузилма билан бевосита боғлиқ бўлган “янги қурилиш” канали орқали амалга оширилиши ҳам марказлашувни кучайтирувчи омилга айланган. Шу ўринда Миллий статистика қўмитаси маълумотларига таяниб айтадиган бўлсак, пойтахтда қурилиш фаоллиги нисбатан юқори бўлиб, 2023 йил январь-сентябрь ойларида ўзлаштирилган инвестицияларнинг 43,7 фоизи янги қурилишларга йўналтирилган. Демакки, бу инвестиция ҳажми ҳам табиий равишда марказда “оғирлик маркази”га эга бўлиб шаклланишини англатади.
Сармояларни “ётқизиш”даги номутаносибликни инвестиция оқимларининг қайси тармоқларга йўналтирилаётгани мисолида янада яққол кўриш мумкин. Миллий статистика қўмитасининг 2024 йил январь-июнь ойларига доир ҳисоботидан инвестиция таркибида энг йирик улушлар ресурслар ва инфратузилмага бевосита яқин бўлган тармоқларга тўғри келаётгани кўриш мумкин.
2024 йил январь-июнь ойларида иқтисодиёт секторлари бўйича инвестициялар тақсимоти.
Мазкур таркибнинг ўзи ҳудудлараро тафовутларнинг кучайишига институционал ва иқтисодий асос яратади.
Шу ўринда статистик ҳисобга олишнинг айрим услубий хусусиятларининг қўшимча таъсирини ҳам эътибордан қочирмаслик зарур. Бу ерда гап айрим йирик компаниялар бош офислари кўпинча пойтахтда рўйхатдан ўтказилгани сабабли инвестиция оқимлари ҳудудий кесимда марказ томонга “силжиган” кўринишда акс этиши эҳтимоли ҳам борлиги ҳақида кетмоқда.
Институционал механизм
Ўзбекистон инвестиция оқимларининг нотекис тақсимотидаги мавжуд муаммоларни юмшатишда эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш йўлидан бормоқда. Бу яхши, албатта. Сабаби, мазкур ёндашув инвестицияларни нисбатан кам ривожланган ҳудудларга йўналтириш орқали иқтисодий тафовутларни қисқартириш, ишлаб чиқариш ва саноат салоҳиятини мувозанатлаштиришга қаратилган институционал механизм сифатида намоён бўлди. Натижада 2017 йилдан кейинги даврда эркин иқтисодий ҳудудларни барпо этиш жараёни сезиларли даражада жадаллашди.
2025 йил якунлари кўра, республикада фаолият юритаётган эркин иқтисодий зона (ЭИЗ)лар
Ушбу ҳудудий-иқтисодий институтлар доирасида жами 7 495 та хўжалик юритувчи субъект жойлашган. Рақамлардан кўриниб турибдики, мамлакатда саноат ва инновацион фаолиятни ҳудудий асосда ривожлантиришга қаратилган институционал инфратузилма сезиларли даражада кенгайган. Шундай бўлса-да, жойларда ҳудудий-иқтисодий институтлар сони изчил ошиб боришига қарамай, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимида номутаносиблик юқорилигича қолаётгани таассуфланарлидир.
Содда қилиб айтганда, бугун эркин иқтисодий ҳудудлар сони бўйича энг юқори ўринда бўлган вилоятлар ҳар доим ҳам тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улушида етакчилик қилаётгани йўқ. Бунга Қорақалпоғистон Республикаси (82 та), Сурхондарё (82 та) ва Самарқанд (80 та) вилоятлари мисол бўла олади. Гарчи ушбу ҳудудларда эркин иқтисодий зоналар сони нисбатан кўп бўлса-да, инвестицияларни жалб этишдаги улуши паст даражадалигича қолмоқда. Тошкент шаҳри (12 та), Тошкент вилояти (45 та) ва Навоий вилоятида (57 та) бунинг аксини кўриш мумкин: эркин иқтисодий ҳудудлар сони нисбатан кам, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши анча юқори. Айни шу ҳолат амалиётда тез-тез учрайдиган “эркин иқтисодий зоналар сонининг ортиши автоматик тарзда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ошишига олиб келмайди”, деган парадоксни яққол тасдиқлайди.
Муаммо нимада, деган ҳақли савол туғилади, албатта.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳудудий-иқтисодий институтлар кўпинча фискал рағбатлантириш воситаси сифатида кенгайтирилади. Лекин инвесторлар учун ҳал қилувчи аҳамият касб этувчи ҳудуднинг инвестицияга тайёрлик даражаси етарли даражада мустаҳкамланмайди. Яъни муаммонинг асл илдизи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, институционал муҳит сифати, транспорт логистикаси, малакали кадрлар, бозор сиғими ҳамда ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларига интеграция даражасининг пастлигига бориб туташади. Ушбу масалалар ечилмасдан туриб, ҳудудларнинг инвестициявий салоҳиятини кўтариш борасидаги саъй-ҳаракатлар кутилган самарани бермайди.
Жаҳон банки тадқиқотлари ҳам фикримизни тасдиқлайди. Унда келтирилишича, эркин иқтисодий зоналар сонининг кўпайиши ўз-ўзидан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кафолатламайди. Амалий жиҳатдан муваффақиятли зоналар, аввало, ишлаб чиқариш ва савдо фаолиятини қўллаб-қувватловчи реал сектор омиллари, жумладан, транспорт-логистика инфратузилмаси, божхона ва савдо тартиб-таомилларининг соддалаштирилганлиги ҳамда институционал барқарорлик билан тавсифланади. Бундай шароитда солиқ ва фискал имтиёзлар инвестиция қарорларида муҳим бўлса-да, кўпинча иккиламчи омил сифатида намоён бўлади. Демак, эркин иқтисодий зоналар сиёсати самарадорлиги уларнинг сон жиҳатдан кўпайиши билан эмас, балки ҳудудларнинг инвестицияга реал тайёрлиги ва институционал сифатининг яхшиланиши билан ўлчанади.
БМТ Савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси томонидан ўтказилган глобал тадқиқотлар шуни кўрсатадики, дунё миқёсида эркин иқтисодий зоналар сони жадал суръатларда ошиб бораётган бўлса-да, кўплаб мамлакатларда уларнинг самарадорлигини баҳолаш ва паст натижадорликка нисбатан тезкор институционал жавоб чораларини кўриш механизмлари етарли даражада ривожланмаган. Мониторинг ва баҳолаш тизимлари суст шароитида махсус саноат ҳудудларининг кўпайиши давлат бюджетига қўшимча фискал юкламани келтириб чиқариши мумкин. Оқибатда ЭИЗ сонининг ўсиши кўпроқ институционал фаолият кўрсаткичи сифатида намоён бўлиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ва ҳудудлар бўйича тақсимоти каби асосий иқтисодий натижалар эса ўзгармаслиги ёки фақат айрим ҳудудларда жамланиб қолиши мумкин. Ушбу ҳолат рағбатлантириш сиёсатини қайта кўриб чиқиш ва уни натижадорликка йўналтирилган ёндашув билан мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатади.
Халқаро ёндашув ва миллий тажриба
Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари сонининг ортиши асосан “ҳудудий жиҳатдан тақсимланган ривожланиш сиёсати” мантиқига асосланади.
Халқаро молия корпорацияси томонидан Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналар бўйича олиб борилган ҳамкорлик ва таҳлилий ҳужжатларидаҳам асосий муаммо айнан регулятор-ҳуқуқий ва институционал муҳитни такомиллаштириш зарурати билан изоҳланади. Жаҳон банкининг Ўзбекистонда инфратузилма бошқаруви тизимини баҳолашга қаратилган таҳлилларида давлат инвестицияларини режалаштириш, устувор йўналишларни белгилаш, институтлараро мувофиқлаштириш ҳамда лойиҳа самарадорлигини таъминлаш жараёнларида мавжуд тизимли чекловлар хусусий сектор иштирокининг етарли даражада фаоллашишига тўсқинлик қилаётгани қайд этилган. Мазкур “тор жойлар” (боттленесклар) инвестиция муҳитининг умумий жозибадорлигини пасайтириб, айниқса, эркин иқтисодий ҳудудлар доирасида хусусий капитални жалб этиш самарадорлигини чеклаб қўймоқда.
Жаҳон банки ва БМТнинг Савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси томонидан олиб борилган тадқиқотлар ҳам эркин иқтисодий зоналар самарадорлигининг асосий шарти сифатида инфратузилма таъминоти ва савдони енгиллаштириш механизмларининг уйғунлигини алоҳида таъкидлайди. Акс ҳолда, зарур институционал ва техник шароитлар билан мустаҳкамланмаган зоналар реал инвестиция майдонига эмас, балки фақат расмий-ҳуқуқий мақомга эга бўлган “қоғоздаги ҳудудлар” сифатида қолиб кетиш хавфини юзага келтиради.
Хитой тажрибаси шуни кўрсатадики, ушбу мамлакатда 1 доллар миқдоридаги хорижий инвестицияни жалб этиш учун ҳудудий инвестиция муҳитини яхшилашга ўртача 4 долларгача давлат ва хусусий ресурслар йўналтирилади. Ушбу харажатлар, асосан, инфратузилмани ривожлантириш, логистика ва саноат зоналарини глобал қиймат занжирларига улаш, бошқарув институтларини кучайтириш ва инвесторлар учун комплекс хизматлар кўрсатишга қаратилган. Натижада эркин иқтисодий зоналар Хитойда оддий фискал имтиёзлар мажмуаси эмас, балки юқори самарадорликка эга инвестиция платформалари сифатида фаолият юритмоқда. Шунга ўхшаш ёндашувлар Жанубий Корея, Вьетнам ва Польша тажрибасида ҳам кузатилади. Бу эса тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимининг ҳудудлар бўйича нисбатан мувозанатли тақсимланишини таъминлашга имкон беради.
Ўзбекистон шароитида ҳам ҳудудлар кесимида инвестициялар оқими мутаносиблигини таъминлаш учун ҳар бир ҳудуднинг инвестицияга реал тайёрлигини ошириш, инфратузилма ва лойиҳа тайёрлигини кучайтиришга йўналтирилган комплекс ва мувофиқлаштирилган сиёсатни амалга ошириш устувор аҳамият касб этади. Айнан шундай ёндашувгина хорижий инвестицияларни барқарор ва ҳудудлар бўйича мувозанатли жалб этиш имконини беради.
Янгича ёндашув
Яна бир нозик масала. Бурағбатлантириш механизми архитектураси ҳамда уларнинг натижадорлигини баҳолаш тизимидаги сустлик билан боғлиқ. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Ўзбекистон бўйича 2025 йилга мўлжалланган “Барқарор инвестиция сиёсати ислоҳотлари йўл харитаси” доирасидаги таҳлилларидаэркин иқтисодий зоналарда корпоратив даромад солиғи бўйича имтиёзлар инвестицияларни рағбатлантиришда марказий инструмент сифатида қўлланилаётгани, бироқ ушбу имтиёзларнинг мунтазам равишда харажат-фойда таҳлили ва самарадорлик баҳоси асосида қайта кўриб борилиши зарурлиги алоҳида таъкидланади. Мазкур баҳолаш механизмларининг етарли даражада жорий этилмаганлиги фискал рағбатларнинг реал инвестиция натижаларига таъсирини аниқлашни мураккаблаштирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлили билан танишар экан, 2017 йилдаёқ бу йўналишдаги ишлар қониқарли эмаслигин жиддий танқид қилган эди. Сармоялар оқимини кўпайтириш учун инвестор ва тадбиркорларни жалб этишни кенгайтириш, мавжуд тартиб-таомилларни соддалаштириш зарурлигини таъкидлаганди.
Афсуски, ўша пайтда сармоялар оқимини кескин ошириш бўйича белгилаб берилган вазифаларнинг барчаси ҳам тўла-тўкис ижро этилди, дея олмаймиз. Шу боис бугун давлат раҳбари томонидан ушбу йўналишда янги ишлаш тизимига ўтилмоқда. “Иқтисодиётни рақобатдош қилиш, инвестициялар самарадорлигини ошириш, саноат тармоқларини технологик трансформация қилиш мутлақо янги ёндашувларни талаб этмоқда. Бунинг учун Иқтисодиёт ва молия, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилади”, деди давлат раҳбари. Шу асосда эндиликда инвестиция билан ишлайдиган алоҳида янги тизим яратилади.Ҳар бир келишувни лойиҳага айлантириш, сармояларни қисқа фурсатда жалб қилиш ва уларнинг самарадорлигига мазкур тизим масъул саналади.
Табиийки, бунда эркин иқтисодий зоналар имкониятлари тўлиқ ишга солиниши кўзда тутилмоқда. Уларга дунёнинг машҳур брендларини жалб қилиниб, бу ерда фаолият юритаётган корхоналар халқаро техник регламентлар, экологик ва меҳнат стандартларини қўллаши мумкин бўлади. Улар учун махсус – имтиёзли инвестициявий, солиқ, божхона ва ҳуқуқий режим жорий этилади ва халқаро ҳуқуқ доирасида арбитраж низоларини кўриб чиқиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, стратегик инвесторларга лойиҳа учун ерлар бозор қийматида тўғридан-тўғри берилади. Ер тоифаси ўзгарганида нобудгарчилик учун тўловни 10 йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади. Ерни расмийлаштириш, тоифасини ўзгартириш, қурилиш ва инфратузилмага уланишга рухсатнома олиш учун инвесторлар идорама-идора юрмайди. Уларга “ягона дарча” тамойили асосида комплекс хизмат кўрсатадиган ва барча вазирликлар уланадиган “invest.gov.uz” электрон платформаси ишга туширилади. Бунинг натижасида келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштилиши, унинг ҳисобидан 1 миллион юқори даромадли иш ўринларини яратили ҳисоб-китоб қилинмоқда.
Бинобарин, халқаро тажриба, жумладан, Жаҳон банки таҳлиллари ҳам шуни кўрсатадики, фақатгина солиқ ва фискал имтиёзларга асосланган ёндашув кўп ҳолларда кутилган инвестицион натижаларни бермайди. Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият юритиши учун улар профессионал бошқарув, юқори сифатли инфратузилма ва барқарор институционал муҳит билан комплекс тарзда қўллаб-қувватланиши зарур. Акс ҳолда, зоналар сонининг кўпайиши реал инвестиция оқимлари ва ҳудудий иқтисодий ривожланиш билан етарли даражада уйғунлашмайди. Ўзбекистоннинг янги инвестициявий сиёсатида ана шу жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда иш юритилаётгани халқаро миқёсда жозибадорлигини ошириб, глобал инвестициялар марказига айлантириши кутиляпти.
Руҳиддин ЗАЙНИДДИНОВ, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, “Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар” кафедраси доценти в.б., PhD., Саид РАҲМОН, журналист